Тиббий маълумотномалар тўлиқ электрон шаклга ўтадими?

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилингани ҳақида хабар бергандик.

Мазкур лойиҳадан аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва уни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратишга доир вазифалар ҳам ўрин олган.

Хусусан, унга кўра:

вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Тахминий муддатлар қуйидагича:

Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб;

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб;

республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб.

2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномаларни қоғоз шаклда талаб қилишни тақиқлаш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, фармон лойиҳаси муҳокамаси 2023 йил 17 февраль кунига қадар давом этади.